Туман ҳокимининг табриги

Туман ҳокимининг табриги Асрлар мобайнида қадимий қадриятларимизни мужассам этган, аждодларимиздан мерос бўлган ардоқли байрамимиз- Наврўз ҳам мана кириб келди. Табиатнинг уйғониши, шарқона йилнинг бошланиши ҳисобланган бу байрамни йил сайин тобора кенг қамровли, файзли равишда нишонлаш республикамизда анъанага айланди.

Табиатга ҳамоҳанг тарзда қалбимизда ҳам уйғониш, яшариш, кўтаринки руҳ янада кучайди. Шу боис ҳам мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, янги боғлар барпо этишга киришиб кетди. Шу билан бирга байрамдан кейинги  режаларини ҳам тузиб олди.

Бу ишларнинг барчаси жамланиб аввало яна бир қадриятимиз ҳашарда ўз аксини топмоқда. Байрам ва ҳашар туфайли аввало инсонлар орасидаги меҳр- оқибат мустаҳкамланди. Ҳамжиҳатлик эса яратувчанликни юзага келтирди.

Бу кўтаринкилик, уюшқоқлик туманимизда ҳам тўлиқ ўз аксини кўрсатмоқда. Байрам арафасида ўтказилган ҳашарда жуда катта кўламдаги ишлар бажарилди. Ҳашардан тушган маблағ эса фақат эзгу ишларга йўналтирилмоқда.

Мамлакатимизда эълон қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан қабул қилинган Дастур ҳам асосан Наврўз байрамидан сўнг амалга ошади. Демак, хайрли тадбирлар шу байрамда бошланиб, йил мобайнида давом этади.

Албатта, ҳар бир киши Наврўзни интизорлик билан кутади. Байрам туфайли кўнглига янги  ва яхши ниятларни тугади. Бу ниятларнинг энг улуғи юртнинг тинчлигию, элнинг соғлиги эканлиги шубҳасиз.

Шундай экан мен ҳам аввало ушбу тилакка ниятдош эканлигимни билдираман. Тумандошларимизни Наврўз байрами билан табриклаш баробарида, уларнинг барча яхши ишларига равнақ тилайман. Хонадонингиз файзли, ўзингиз бардам бўлинг. Рўзғорингиз бут, зафарлар ёр бўлсин.

 

Наврўз байрами барчангизга муборак бўлсин!

 

Ғ.Алиев,

Хатирчи тумани ҳокими

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 01.04.2015,   Кўрилган: 907   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.