» » » Ўзгаришлар ва янгиликлар даври

Ўзгаришлар ва янгиликлар даври

Ўзгаришлар ва янгиликлар давриМамлакатимиз тараққиётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, тарихий янгиликлар унинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ва нуфузининг ортиб боришига хизмат қилмоқда. Жумладан, ўз интиҳосига етиб бораётган “Соғлом бола йили”да ҳам истиқболнинг ойдин йўли сари дадил қадам ташлаш давом этди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг изчил чоралари кўрилганлиги бунда ўз самарасини берди.

21-декабрь куни бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён - сайловлар ҳам юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўчмас из қолдириши шубҳасиз.

Буни туманимиз мисолида ҳам кўриш қийин эмас, албатта. Энг аввало,  келажагимиз ворислари ҳисобланган ўғил-қизларимиз учун, уларнинг кўнгилдагидек яшаш ва  таълим олишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга қатъий ҳаракат қилинди. Бунинг учун биринчи навбатда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, болажонларимиз учун янги илм даргоҳлари қуриш, мавжуд биноларни капитал таъмирлаш, янги ва замонавий спорт иншоотлари фаолиятини йўлга қўйиш сингари бир қатор ишлар амалга оширилди.

Фарзандларимиз бундай ғамхўрлик ва қулайликлардан баҳраманд бўлган ҳолда шунга муносиб бўлишга астойдил интилмоқдалар. Натижада улар фан, спорт, маданият ва бошқа турли соҳаларда фаол қатнашиб, нафақат юртимиз, балки жаҳон ареналарида ҳам совриндорлар сафидан ўрин олишмоқда. Бу барча хатирчиликларга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди, албатта.

Умуман олганда, якунланаётган йил туманимиз тарихида ўзига хос из қолдираётганлиги аниқ. Деярли барча соҳаларда кўнгилдагидек натижаларга  эришилди. Хусусан, фермерларимизнинг саъй-ҳаракатларидан барчамимз хурсандмиз.

Янги 2015-йил – “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланди. Шуниси аҳамиятлики, халқимизда азалдан қариялар ва кексаларга алоҳида эътибор қаратилиб келинган. Ўлмас қадриятга айланган бу туйғунинг, анъананинг кўлами янги йилда янада кенгайиб, ўзгача шакл-шамойилга эга бўлади. Бир сўз билан айтганда кекса ва қари кишига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мен барчангизни байрам билан табриклаб, ўтаётган йилда амалга ошмай қолган орзу-истакларингизни янги 2015-йилда ижобат бўлишини тилайман.

 

Янги – “Кексаларни эъзозлаш йили” муборак бўлсин, азизлар!

 

 

Ҳурмат билан,

Ғ.АЛИЕВ, Хатирчи тумани ҳокими

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 27.12.2014,   Кўрилган: 868   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.