» » » Конституциямиз - бахтимиз пойдевори.

Конституциямиз - бахтимиз пойдевори.

Конституциямиз - бахтимиз пойдевори. Жонажон мамлакатимизда эркинлик ва озодликни, мустақиллик ва хурликни тантанали тарзда ўзида намоён этувчи асосий қонунимиз Мустақил Ўзбекистонимиз Конституцияси қабул қилинган қутлуғ санани халқимиз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш арафасида турибди.

   Давлатимиз ва халқимиз ҳаётида том маънода тарихий сана бўлган ушбу айём ҳақида сўз юритар эканмиз,  Конституциямизнинг бугунги Ўзбекистон давлатчилигининг тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини юксак баҳолаймиз.

   Дунёда турли туман қонунлар кўп. Лекин, жамият ҳаётида доимо муҳим ўрин тутадиган шундай устувор ҳужжат борки, у халқнинг, келажак авлоднинг тақдирини белгилаб берувчи пойдевор бўлади, давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитади.

  Конституция - мана шундай буюк қомусдир. Аждодларимизнинг асрий армонлари, халқимизнинг эркин ҳаёт, фаровон жамият, адолатли давлат барпо этишдек эзгу тилаклари, келажак авлодларга озод ва обод ватан қолдириш, уларнинг бахтини, камолини қурищдек орзу ҳаваслари мустақил Ўзбекистон Республикамиз Конституциясида  ўз  ифодасини  топган.

  Мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан бошлаб халқимиз олдига қўйган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда  Конституциямиз  мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

   Ўтган давр мобайнида юртимизда миллий ҳуқуқий давлатчиликнинг мустаҳкам асослари яратилди. Бугун,  босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлимиз ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суратлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямиз асосига қўйилган чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси десак, ҳеч  қандай  муболаға  бўлмайди.

  Конституциямизда инсоннинг шахсий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши билан бирга ўқиш, ижод қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, бир сўз билан айтганда, инсоннинг ўз камолига мустақил интилиши учун барча ҳуқуқий асослар яратилган.

    Асосий қонунимиз берган имкониятлар беқиёсдир. Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш - давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Келажак авлод камолотини ўйлаб қилинаётган барча эзгу ишлар, шу жумладан таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳам Конституциямиз тамойилларининг амалий ифодаси десак, айни ҳақиқат бўлади.

   Биз интилаётган демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларни нечоғлик асраб авайланиши ва келажак авлодга етказилишига бевосита боғлиқдир.

    Шу ўринда биз яна Конституциямизга таянамиз ва унга қайта- қайта мурожаат этамиз.

    Конституциямиз туфайли биз дунёга танилдик, олам бизни англади.

  Йиллар ўтган сари бу қутлуғ манбанинг тарихий аҳамияти ва қадр-қиммати ошиб боради. Чунки унга амал қилиш негизида тамоман янги инсон, янги авлодлар тарбияланиб, вояга етадилар.    Албатта, келажак авлодлар ҳам ўз бешикларини тебратган, ҳуқуқ ва эркинликлари, тинчлик ва тараққиёт, ватан озодлигини кафолатлаб берган ушбу табаррук Қомусни эъзозлашади. У билан ифтихор қилишади. Чунки асосий Қонунимиз мазмунида тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро тотувлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби умуминсоний ғоялар ҳам мужассамдир.

   Конституцияга эга бўлиш, унга таяниш, итоат қилиш, у бўйича яшаш, ундан ҳимоя топиш ҳамда уни ҳимоя қилиш лозимдир!

    Чунки айнан Конституцияда Ўзбекистонимизнинг давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги қонун устуворлигида акс этади. Айнан  у  ўзбек миллатининг тилига  давлат  мақомини  беради.     Инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисобланиб, инсонни энг муътабар мавқега кўтаради.

  Шу боис, муҳтарам Президентимиз “Инсон сўзи Она, Ватан деган каломлар каби муқаддасдир. Бу муқаддасликни, инсон эркининг даҳлсизлигини мустаҳкам қонунларимиз ҳимоя қилиши керак” деган эдилар.

  Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар ҳам ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.

    Асосий қонунимиз халқимизнинг стратегик мақсадларини ифода этиб, давлат ўз вазифаларини аста-секинлик билан босқичма-босқич жамоат ташкилотлари зиммасига ўтказишида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини оширишга қаратилган демократик жараёнларни чуқурлаштиришда муҳим ҳаётий қўлланма вазифасини ўтайди.

    У миллий тараққиётимизни таъминлаш, озод ва обод Ватанни бунёд этиш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган буюк келажагимизнинг ҳуқуқий  кафолати бўлиб қолаверади.

     Конституциямизнинг асосий хусусиятлари у инсонни, унинг ҳаётини, эркинлигини, шаъни ва қадр-қимматини олий қадрият деб эълон қилганлиги, инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг давлатникига нисбатан устуворлигини тан олганлиги, давлатга унинг тўғридан-тўғри вазифасини - инсон ва жамият манфаатларига хизмат қилиш вазифасини белгилаганлиги, халқни ҳокимият манбаи деб эътироф этганлигидир.

   Мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 1997 йил 29 августда “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” миллий дастури қабул қилинган. Ҳуқуқий маданият - бу фақатгина қонунларни, ҳуқуқий ҳужжатларни билиш, ҳуқуқий маълумотлардан мунтазам хабардор бўлишдангина иборат эмас, энс асосийси эгаллаган ҳуқуқий билими малакасини ҳаётий вазифаларида қўллашдир, қонунларга амал қилиш ва бўйсунишдир.

     Барчамиз Конституциямиз моддаларини ўрганиб, чин юракдан ҳурмат эҳтиром кўрсатиб, унга риоя қилишимиз фуқаролик бурчимиздир.

        

         Яхшилар  туфайли,  озод диёрим!

         Озодлик  туфайли,   обод диёрим!

         Энг олий Қомусга чекканда имзо

         Яхшиларни кўрди ўзида  ризо.

         Неқисса ҳуррият қомусидир,  у

         Улуснинг  ори-ю, номусидир, у.

         Истиқлол бир ёшга тўлган  чоғида

         Туғилди у яхшиликнинг боғида.

 

   Биз устозларнинг олдига ёш авлодни тарбиялашдек муҳим вазифа топширилган экан, ўз мутахассислигимиздан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқшунослик дарсларида Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратамиз.

     Ҳуқуқий  демократик  давлатни барпо этишда дастлабки тамал тоши назаримда, мактабдан бошлаб қўйилади. Дарслар давомида ўқувчиларимизда  мустақилликни қадрлаш, Ватанга садоқат ва ҳурмат ҳиссини  уйғотиш, Конституция ва қонунларни билиш ҳамда унга риоя қилиш руҳида тарбиялаймиз.

       Ҳуқуқий билимли, ҳуқуқий маданиятли фарзандларимизни вояга етказишда устоз сифатида мен ҳам ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. Бу жараёнда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши лозим.           

       Асосий Қонунимиз сифатида Конституциямиз юртимизда тинчлик ва фаровонлик бўлишига, Ўзбекистонимизни жаҳон ҳамжамиятида ривожланган мамлакатлар қаторида мустаҳкам ўрнашишига шак-шубҳасиз  ҳуқуқий  асос  бўлиб хизмат қилади.

 

Лола Муртозаева

20-мактабнинг тарих, ҳуқуқ фани ўқитувчиси

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 12.11.2014,   Кўрилган: 1276   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.