DataLife Engine > Эълонлар, Янгиликлар > “Оммавий маданият” ва меҳнат миграцияси

“Оммавий маданият” ва меҳнат миграцияси


31-10-2017, 19:44. Разместил: info

  Сўз бошида шуни айтиб ўтиш жоизки, биринчи Президентимиз И.А.Каримов айтганларидек, биз бошқа жабҳаларда ривожланган давлатлардан кейинги ўринларда туришимиз мумкин, аммо маданият соҳасида биз биринчи ўринда турамиз. Шундай экан, биз ўз маданиятимизни ривожлантиришимиз учун таназзулга юз тутишига йўл қўймаслигимиз лозим.

  Афсуски, бугунги кунда глобал муаммога айланиб бораётган, инсоният онгига шиддат билан кириб келаётган “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ҳам анчагинани ташкил этади.

Булар асосан қай тарзда кириб келаяпти? Порнографик расмларни тарқатиш ва беҳаё суратларни тарғиб қилиш ва мўмай пул топиш илинжида фуқароларимизнинг чет давлатларда ишлаш учун кетаётганликлари ёшлар онгига таъсир ўтказмоқда.

  Интернет тармоқлари, мобил алоқа воситаларида айланаётган беҳаё тасвиру, уятсиз су­ратларни тарқатаётганларнинг ҳам мақсади пул ишлаб, нафсига ором бериш. Шундай иллатларга боғланиб қолаётганлар ҳам асосан ўз ота-онасидан йироқда ишлаш учун юрган ёшларни ташкил этади.

  Энди бу хилдаги тийиқсизликларга болалар ва ўсмирларнинг ўралашиб қолаётгани - ДАҲШАТдир! Энг ёмони, қотиллар ва зўравонликка мойил кимсалар ҳам асосан, интернет ва мобил телефонлар орқали ҳар хил беҳаё ва уятсиз сайтларга муккасидан кетганлар орасидан чиқиши ҳақидаги фикрлар тўғри экани ўз исботини топмоқда.

  Мактаб ўқувчисига кўп функцияли уяли телефон, умуман қўл телефони нега керак? Мактаб ўқув­чисига телефоннинг кераги бормикан?  Ҳатто чет мамлакатларда ҳам мактаб ва коллежларда уяли телефонлардан фойдаланиш мумкин эмас.

  АҚШда агар ўқувчи телефон билан қўлга тушиб қолса, мак­таб назорат ходими чақирилиб, далолатнома тузилиб, ўқувчига интизомий чора кўрилади, ҳаттоки, жарима қўлланилади.

  Хитойда телефонда порно­график суратлар тарқатганларга, ундан фойдаланганларга нисбатан умрбод қамоқ жазоси, Австралияда 55 минг доллар жарима, Малайзияда 5 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабда телефон ишлатилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 21 майдаги 139-сонли қарори, Ўзбекистон Республика­си Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 25 майдаги 165-сонли буйруғини бажариш мақсадида мактабда ҳам уяли телефонлардан фойдаланмаслик тўғрисида мактаб буйруғи чиқарилган.

  Юртимизда ҳам 2012 йилнинг апрель ойидан бошлаб порно­график маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш учун қарши курашни янада кучайтиришга қаратилган Қонун кучга кирди. Унга кўра, порно­графия, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатишда айбдор деб топилган шахсга энг кам иш ҳақининг 400 дан 600 баробаригача жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик ҳибсга олиш, 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

  Бугунги кунда ота-оналаримиз фарзандларига кўп функ­цияли телефонларни замона зайлига йўйиб олиб беришмоқда. Ҳар ким экканини ўради қабилида сўз юритадиган бўлсак, тарбияга бефарқ қараётганлар ўзларига жабр қиладилар. Аф­суски, уларнинг касрига бутун бошли жамият ҳам азият кўриши мумкин. Бундай тоифали инсонларни эса “маънавият кушандаси” деб аташимиз мум­кин.

  Бугун юртимиздаги ёшларимизни “Оммавий маданият” дан асрашимиз мумкиндир. Лекин, мўмай пул ишлаш илинжида юртимиздан четга чиқиб кетган ёшларимиз, бундай иллатлар таъсирига тушмайди деб айта оламизми?

Халқимизда шундай мақол бор: “Касални даволашдан кўра олдини олиш афзалдир”. Ҳа, шундай экан, шундай балоларга гирифтор бўлиб қолгандан кўра ўсиб келаётган ёшларимизга тўғри йўл кўрсатиб, чет элларга чиқиб кетаётганларга яна бир мақол: “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”ни қалбига сингдириб бориш Ватанни севган ҳар бир фуқаронинг умуммиллий бурчидир.

  Юқоридаги сўзларда фуқароларимизнинг четда ишлашлари мумкин эмас, деган фикр асносида эмасман, албатта. Меҳнат қилиш ҳуқуқи республикамизда қонунлар билан тўлалигича тартибга солинганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен фақатгина давлатимизнинг қонунлари асосида чет элларда ишлашларини назарда тутдим холос.

  Бунинг биргина кулай томони чет элда ишлаётган шахс давлат назоратида ва унинг шахсий дахлсизлиги давлат ҳимоясида туришидадир.

 

Б. Ибрагимов,

25-умумий ўрта таълим мактаби

директорининг маънавий-

маърифий ишлари бўйича ўринбосари


Вернуться назад