» » Гиёҳвандлик бало ва офатдир

Гиёҳвандлик бало ва офатдир

  Дунёнинг гўзаллиги инсон биландир. Инсоннинг гўзал­лиги эса унинг хушхулқ ва иймон эътиқоди билан. Ислом дини инсонларни яхшиликка даъват этадиган, ёмонликдан қайтарадиган соф диндир.

  Наҳл сурасининг 97-оятида Аллоҳ таоло: “Эркакми ё аёлми, кимда ким мўмин бўлган ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас. Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”, деб марҳамат қилган. Солиҳ, амаллар қилиб яшаган инсон ҳаётлик даврида роҳату фароғатда яшаб, охиратда эса улкан мукофотлар соҳибига айланади. Динимизга ёт бўлган амаллар билан машғул бўлганлар эса албатта, жазосини олади.

  Бугунги кунда бизга берилган тириклик неъматидан оқилона фойдаланиб, гўзалликка бурканган дунёда савоб заҳираларимизни кўпайтириб, келажак авлодга намунали амалларимиз би­лан, хулқларимиз билан ўрнак бўладиган даражада яшаб ўтсак, энг катта бахтга сазовор бўламиз.

  Дунёнинг тинчлигини бузаётган, одамларнинг бахт- саодатли яшашини кўролмаётган, ўзгаларнинг бахтсизлиги эвазига бой-бадавлат бўлиб, гўёки ширин ҳаёт кечираётган кимсалар ҳам бор. Улар гиёҳванд моддаларни тайёрлаб инсонларнинг ширин ҳаётини қайғу-ғамларга, аламу ситамларга айлантираётган жоҳил ки­шилардир.

  Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Унинг хабарига кўра, кундан кунга гиёҳвандлар сони ошиб бормоқда. Ачинарлиси, гиёҳвандликка илк бор қадам қўяётганлар 15-20 ёшли йигит-қизлар эканлигидир. Ёшлик гаштини сурадиган, ўйнаб-куладиган, илму урфонга шунғиб, маърифат чуққисини кўзлайдиган даврда улар бало ва офатга дучор бўлиб, гиёҳвандлик ботқоғига ботиши жамиятнинг энг катта йўқотишидир.

  Бирон мамлакат аҳолисининг етти фоизи гиёҳванд моддалар истеъмолига ўтган бўлса, ўша мамлакатнинг келажаги ҳалокат ёқасида туришини олимларимиз тасдиқлаган. Гиёҳвандликнинг зарари шунчалик кўпки, хатто биз уни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

  Аллома Ибн Хожар Ал Маккийнинг “Фатвои исломия” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарарлар санаб ўтилган.

  Ибн Можаж ва Ибн Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтириш йўқ”,-дейилган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса харом”,- дейилган. Мусулмон киши қалбида имони жўшиб турган киши ҳадисга мувофиқ, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам за­рар етказмаслиги лозим.

  Шукрлар бўлсинки, бугун ҳаётимиз фаровон, замонамиз тинч, фарзандларимиз соғлом, келажагимиз буюкдир. Она Ватан бағрида эркаланиб, шодланиб ҳаёт кечирмоқдамиз. Барча миллат вакиллари бир ота, бир онанинг фарзандларидек истиқомат қилмоқдамиз. Хатто қисқа муддат ичида дунё аҳли ибрат, ўрнак оладиган жиҳатларга эга бўлдик. Биз­га ҳавас қиладиганлар сони қанча кўп бўлса, ҳасад кўзи билан қарайдиганлар сони ҳам анчадир. Уларнинг мақсади эса ёшларимизни ўзи­га қаратиб олиб, ота-онасига, ўз халқига қарши қўйишдир. Бунинг энг яқин йўлларидан бири гиёҳвандликдир. Фарзандларимизни ҳар хил йўллар билан шу балога йўлиқтирса, бошимизга турли балолар ёғдириши аниқдир.

  Сергаклик давр талабидир. Биз ўз фарзанд­ларимизни ёвуз кучларга бериб қўймаймиз. Ёшларимиз ўзларининг илму салоҳияти билан бутун дунёга ўрнак бўладиган даражада улғаймоқда. Фақат биз катталар панду насиҳатдан чарчамаслигимиз, фарзандларимизга ҳар томонлама кўмак бера олишимиз керак.

  Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларидан бирида: “Эй умматларим, агар сизлар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало офат кела- дики, у яхши-ёмонга бирдай фожеа бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

  Асримиз вабосига айланиб улгурган гиёҳвандлик балосидан фарзандлари­мизни, келажак авлодимизни халос этишга ҳар биримиз масъулмиз. “Қовун-қовундан ранг олади”,-дейди халқимиз.

  Бугун биз сергакликни йўқотсак, гиёҳвандлик балоси зарпечак мисоли ҳамма жойга ўрнашиб ола­ди. Бунга имкон бериш энг катта гуноҳ эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

Муҳаммад Содиқ Мамадиёров,

“Шомурод ота” жомеъ масжидининг

имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 02.03.2017,   Кўрилган: 315   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.