ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТ

  Доим соғлом бўлай десангиз мева шарбатидан ичиб юришни турмуш тарзингизга айлантиринг. Ана шунда қиш ойларида ҳам сизни безовта қиладиган шамоллаш ва грипп аломатларидан йироқ бўласиз.

  Меванинг ошқозонда ҳазм бўлиши учун тахминан бир соат, сабзавот учун эса тўрт соат сарфланади.

Шарбатлар эса ҳоҳ меваники, хоҳ сабзавотники бўлсин бир неча дақиқадаёқ танага сингиб кетади. Демак, танамиз фойдали мевалар омборини ортиқса куч сарфламай тўлдириши мумкин. Қолаверса, шарбат сиқиб олинганда мевадаги барча қимматли витаминлар, минерал тузлар, аминокислоталар, ферментлар ва фойдаланган клетчаткалар шарбатга чиқади. Бир сўз билан айтганда, ҳаётий фаолиятимиз учун зарур бўлган барча моддалар шарбатларда тўпланади.

  Билингки, бу моддалар организмда қанчалик кўп бўлса, ўзимизни шунчалик бардам сезамиз. Табиатнинг бундай ҳаётий қувватини симирар эканмиз, дори-дармонлар билан бутунлай хайрлашишимиз ҳам мумкин. Чунки шарбатлар танадаги хилтларни ҳайдайди, яллиғланиш жараёнини бартараф қилади, ичак фаолиятини яхшилайди, ферментлар ажралишини фаоллаштиради, организмдаги заҳарларни бартараф этади.

  Олимларнинг аниқлашича, агар шу моддаларни мева-сабзавотнинг ўзидан оламан десангиз, бир стакан шарбатга тенг озуқа олиш учун 2,5 килограмм мева-сабзавот истеъмол қилиш керак бўлади. Бундай ишни бажараман десангиз, тишингиз эмалдан ажралиб, ошқозонингиз жунбушга келиши аниқ. Чунки ошқозон мева ва сабзавотлар дағал эти - целлюлозани ҳазм қилиш учун анчагина куч сарфлашига тўғри келади. Энг яхшиси мева-сабзавот ғарқ пишиб етилганда ҳар куни олма, нок, олча, ўрик, сабзи, карам ва ҳоказо шарбатлардан бир стакан ичиб турсангиз, ҳар қандай дори-дармондан аъло ва фойдалироқ бўлган ҳаётбахш қувватдан баҳра оласиз.

  Хурмони сувда қайнатиб, суви ялпиз билан ичилса балғамни, иситмани даф қилади, буйрак ва қовоқ тошларини майдалаб, тўкиб юборади. Суви пишган гуруч билан истеъмол қилинса семиртиради.

Хурмони янги соғилган сутда бир кеч кундуз ивитиб, устидан янги соғилган сут ичилса, жинсий аъзони бақувват қилади.

Анор шарбати жигар, ошқозон, ичак, буйрак, камқонлик, юрак касалликларида даво бўлади.

  Олма шарбати ўпкасида муаммо бўлганлар, айниқса, кашандаларга жуда фойдали. Шарбатидан ҳар куни бир стакандан ичиб юрилса, нафас йўллари фаолиятини яхшилайди. Таркибида темир модда кўп бўлганлиги учун камқонликка ниҳоятда фойдали, буйракдаги тошларни ҳайдайди.

  Нок шарбати ҳазм қилишни назорат қилади, семизликнинг олдини олади, антибактериал ва иситма туширувчи, қандли диабетларда, атеросклероз, гипертония, жигар ва юрак касалликларига фойдали.

  Ўрик шарбати хотирани яхшилайди. Мевасининг таркибида калий, магний кўп бўлганлиги учун юракка жуда фойдали. Аниқланишича, 5 дона ўрик мевасидан олинган шарбат қон ҳосил қилишда 250 гр. тоза жигар ўрнини босади, шарбати қорин дам бўлганга даво бўлади.

  Апельсин шарбати таркибида жуда кўп “С” витамини мавжуд. Шунинг учун қиш мавсумида шамоллашнинг олдини олади, ошқозон фаолиятини яхшилайди. Апельсин ва мандарин шарбатини ичишдан олдин жуда эхтиёт бўлинг, чунки улар аллергия чақириши мумкин.

  Кунига бир стакан лимон шарбати ичилса, у тинчлантириб, қон босимини пасайтиради.

  Чилонжийда дамламаси бош оғриғини бартараф этади, нафас йўлларини яхшилайди, меъдага қувват беради, ич кетишда, сафро ҳайдашда, қон босимини туширишда фойдали. Юрак фаолиятини яхшилаб, буйрак ва без шамоллашининг олдини олади.

 

Ю.ХУШВАҚОВА,

Хатирчи Педагогика ва хизмат кўрсатиш

 касб- ҳунар коллежининг кафедра мудири

 

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 21.11.2015,   Кўрилган: 756   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.