» » Одам савдоси оғир иллат

Одам савдоси оғир иллат

  Муқаддас динимизда инсоннинг қадри нечоғлик баланд ва у қанчалик улуғ мавжудот эканлиги барчамизга маълум. Шунинг учун инсон табиат бойликларидан лаззатланиш, соғ-саломат, кучли ва ақлли бўлиши учун ўзини-ўзи асраб-авайлаши, ҳимоя қилиши ҳамда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиши лозим. Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир пайтда хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам савдоси бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланиб қолмоқда.

  Муқаддас динимиз насаби, ирқи, бойлиги ва жамиятда тутган ўрнидан қатъий назар, барча инсонларга тенглик, ҳурликни кафолатлаган ягона диндир. Динимиз таълимотлари инсонларни тўла- тўкис, озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди, кишиларни хўрлашдан, кул қилишдан қайтаради.

  Афсуски, кейинги вақтларда қулдорлик ва одам савдоси ҳар хил кўринишларда намоён бўлаётгани кузатилмоқда. Жумладан, содда одамларни чет элда ишлаш баҳонасида ҳорижга олиб чиқиб, у ерда қийин шароитларда ишлатиб, кам маош бериш ёки умуман бермаслик, ҳужжатларини олиб қўйиб, мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари, энг ачинарлиси, арзимаган маблағлар эвазига ўзларининг ҳар хил ғаразли мақсадларини амалга оширишни режа қилган хунрез кимсалар қўлларида қўғирчоқ бўлиб қолиб, она Ватанни, оиласи, яқинларига қарши қурол кўтарадиган, аслини унутган марқуртларга айланиб, ҳайвонларча ўлим топаётган кимсалар кўзга ташланиб турибди.

  Албатта, бундай жирканч иллат бўлган одам савдосига қарши курашиш ҳар бир иймонли инсоннинг вазифасидир. Бу йўлда ҳар биримиз олдимиздаги бурчимизни виждонан адо этишимиз керак бўлади. Қаерда бўлмайлик, бу иллат соғлом жамиятга жиддий хавф солиши, халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканини ҳаётий мисоллар ва ишончли далиллар асосида атрофимиздагилар онгига сингдириб туришимиз зарур. Зора кабиҳ ишларни қилаётган, уларнинг таъсирига тушиб қолган кимсалар жиноятдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба қилишса, яхшилик сари ҳаракат қилишса.

  “Одам савдоси” ниҳоятда қа­биҳ, динимизга ҳам, давлатимиз қонунларига ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган иллат бўлгани учун бу ёвузликка қарши мамлакатимизда жиддий кураш олиб борилмоқда. “Одам савдосига қарши курашиш тўғисида”ги қонун  ижросини таъминлаш йўлида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу диёрда истиқомат қилувчи ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатишга муносиб ҳисса қўшиши лозим.

 

Б. Ҳакимов,

Шайх Гадой Селкин

жомеъ масжидининг имом хатиби

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 31.10.2017,   Кўрилган: 47   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.