» » Оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари

Оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари

  Сўнги пайтларда юртимизга четдан кириб келаётган ахборот оқими натижасида нафақат янгиликлардан хабардор бўлаяпмиз, балки уларда яширинган, менталитетимиз, қадриятларимизга зид ғояларга ҳам дуч келаяпмиз. “Оммавимй маданият” санъатимизга, кийиниш маданиятимизга, тарбиямизга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Глобаллашув жараёнлари оммавий маданиятни жадаллаштирмоқда. Бу ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик, фаҳш, зўрлик ғояларини тарқатиш, бошқа халқларнинг асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий анъана ва қадриятларига               ҳурматсизлик, беписандлик, уларни йўқ қилишга қаратилган таҳдидлар ҳар қандай маънавияти тўкис кишини ташвишга солмай қўймайди.

  Бугунги дунёнинг маънавий қиёфасига назар ташласак аҳлоқсизликни, маданиятсизликни, маънавиятсизликни эркинлик деб билиш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар маънавий ҳаётга, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда.

  Мана шундай ҳолатлар ҳақида сўз кетганда юртбошимизнинг “Юксак маънавият- енгилмас куч” асарида “Мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли”, деган фикрлари ҳар бир фуқаро тушуниб етиши керак бўлган асосий тушунчалардан бири ҳисобланади.

  Зеро, ахборот асрида, ривожланиш жараёнларида атрофимизда рўй бераётган воқеа- ҳодисаларнинг фойдали ва зарарли томонларини тез илғай олиш, таҳлил қилиш, огоҳ бўлиш, бу ҳақда тўғри хулоса чиқариш орқалигина маънавий қарамликнинг олдини олишга эришишимиз мумкин.

  “Оммавий маданият” таъсири остида турли компьютер ўйинлари, фантастик, қотиллик, маиший бузуқликни ошкора тарғиб қилувчи фильмлар, ишқий фаҳш ишларининг батафсил тафсилотлари, шаҳвоний клиплар ҳам кириб келмоқдаки, буларга бефарқ бўлиш асло мумкин эмас.

  Энг ёмони, бундай ҳуружлар ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатишга уринмоқда. Бундай таҳдид ва ҳуружларнинг асл моҳияти, уларнинг ғаразли мақсадлари, намоён бў­лиш шаклларини ўзимизга аниқ тасаввур қилиб, бу борада нафақат ҳимояланиш, айни пайтда бунга қарши курашиш усулларини пухта эгаллашимиз керак.

  “Оммавий маданият”га, турли таҳдидларга қарши курашишда, аввало оилада маъна­вий тарбиявий муҳит муҳим ўрин тутади. Маъна­вий тарбия оилада, сўнгра эса маҳаллада шакллантира олинса, бунда ҳеч қандай маънавий бўшлиққа жой қолмайди.

  Интернет, турли хил реклама, кинолар ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатиб, турли халқлар урф-одатлари бизнинг қадриятларимиз билан қоришиб кетиш эҳтимолини кучайтирмоқда.

  Шундай экан ёшларимиз уларнинг қай жиҳатларини ўзлаштириш, қайси биридан фойдаланмасликни яхши билишлари лозим. Интернет орқали ахборот ҳуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг кириб келиши ҳам “оммавий маданият”нинг сал­бий таъсирларидан бири бўлиб, аввало ёшларнинг онгини эгаллашга йўналтирилган, оҳанрабо сингари уларни ўзига ром этмоқда.

  Интернет ёшларимизнинг билим салоҳиятини ошириш билан бир қаторда онгини заҳарловчи манба сифатида ҳам таъсир ўтказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу­гунги кунда миллийликка раҳна солувчи, кўпроқ ғарбга  хос бўлган порнографияни тарғиб қилувчи дастурларнинг берилиши кучаймоқда.

  Афсуски, бугун ёшларнинг аксарияти бўш вақтларини интернетклубларда ўтказаётганлиги, ачинарлиси, турли иллатлар, аҳлоқсизлик, беҳаёлик, гиёҳвандликни интернет орқали кириб, билиб-билмай уларнинг таъсирига тушиб қолаётганлиги, турли беҳаёликни тарғиб қилувчи сайтлар ёшларнинг онгини бузишга қаратилган аҳлоқсизлик ҳуружи эканлиги шубҳасиздир. Айрим ёшларнинг ғарбмаданиятига тақлид қилиб интернет сайтларига ўзларининг ҳар хил кўринишда тушган суратларини жойлаштираётганлиги, қўл телефонларига беҳаёликни тарғиб қилувчи фотосуратлар ва видеофильмларни кўчириб олаётганлигини кўриб, ачинасан киши.

  Мамлакатимизда осойишталик ва хотиржамликни ардоқлаб, фуқаролар, айниқса ёшлар илмли, маърифатли бўлиб, илм-фан йўлида эркин ижод қилишлари фақат яхшилик сари интилишга хизмат қилади. Булар эса ўз навбатида четдан кириб келадиган турли экстремистик марказлар, ақидапарастларнинг даъватлари, “оммавий маданият” иллатларининг зарарли таъсирлари, таҳдидлари, турли маънавий тажовузлар ўз таъсирини ўтказа олмаслигини таъминлайди.

  Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёхвандлик, аҳлоқсизлик, маънавиятимиз, анъаналаримизга ёт бўлган “оммавий маданият”дан, турли ахборот ҳуружларидан муҳофаза қилиш барча ҳуқуқ-тарти бот идоралари сингари шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини англаб етишимиз ҳамда зарарли иллатларга қарши курашишнинг ташаббускори, етакчисига айланишимиз шартдир.

 

  “Хатирчи ҳаёти” газетасидан

  олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 02.08.2017,   Кўрилган: 311   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.