» » “Оммавий маданият” хуружидан огоҳ бўлайлик

“Оммавий маданият” хуружидан огоҳ бўлайлик

  Бугунги бутун дунёда ахборотлашув ва глобаллашув жараёни авж олган пайтда турли курашлар ҳам тобора кучайиб бормоқда. Айримлар буни йигирма биринчи асрнинг янгилиги деб, “маданият”га ўхшатаётган бўлсада, бу жараёнлар ўсиб келаётган ёш авлод қалбига, онгу шуурига салбий таъсир кўрсатаётганлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

  Бугунги кунда ҳеч бир халқнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли “урф-одатлар” кўпаймоқда. Ачинарли жиҳати шундаки, кўпчилик, хусусан айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда.

  Бу нарса ёшларимизнинг юриш-туришида, кийинишида, ўзини    тутиши-ю бошқалар билан бўладиган муомаласида кўзга ташланади. Бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмайди. Турли найранг ва хатарлардан огоҳ, сергак ва хушёр бўлишимиз лозим. Сўнгги пайтларда маънавиятимизга зид бўлган турли ғаразли кучлар “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

  “Оммавий маданият” ғapб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни ғарбда “популяр” ёки қисқартирилган ҳолда, “поп-культура” (яъни “оммавий маданият”) деб аташади. Гарчи “маданият” деб аталсада, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра “оммавий маданият” чинакам маданиятнинг кушандасидир.

  Мутахассисларнинг фикрларича, ҳали илм-фанда “ан­тикультура” (“ғайримаданият”) деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун “ом­мавий маданият” тушунчаси ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, “оммавий маданият” аслида маданиятсизлик, яъ­ни маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир.

  Бундай ёт ғоялар таъсири­га тушиб қолган айрим ёш­лар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етишади. Бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

  Ҳозирги кунда интернет тармоғи ҳаётимизнинг деярли ҳамма соҳасига кириб келиб улгурди. Ёшларимиз ҳам бундан четда эмас албатта. Бундай тезкор замонда ёшларимизни интернетдан тўғри фойдаланишларига эътибор беришимиз ҳам долзарб вазифаларимиздан биридир. Уларни бузғунчи ғоялар, шахвоний хирслар уйғотадиган фильмлардан асрашни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Фарзандга чиройли одоб-ахлоқ, таълим бериш, ёшликдан илму ҳунар ўргатиш эса келажакка қўйилган тамал тоши ҳисобланади. Қолаверса, келажак ёшларимизники, улар жамиятга фойдаси тегадиган етук инсон бўлиб етишишларида қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз лозим. Бунинг учун эса аввало, ота-оналар, маҳалла-куй, ҳаммамиз масъул эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак.

  Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак Ҳадиси шарифларида ҳам “...ёшликни ғанимат билинг, қарилик келишдан олдин”, дея таъкидлаган! Шундай экан, умрни, ёшликни беҳуда ўтказмаслик кераклигини ёшларимизнинг онгига сингдириб боришимиз ва ҳар хил беҳуда ва гуноҳ   ишларга ундовчи ёт ғоялардан узоқ бўлишларини доим эслатиб туришимиз лозим.

  Ёшларимиз дўст билан душманни, яхшилик ва иллатни ажрата оладиган бўлишлари лозим. Турли фитна, ёвузликка қарши кураш эса доимий шиоримиз бўлсин. Чунки, ҳар бир ёмон иллат ортида разил мақсад  бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз (САВ) “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар. Одоб, аҳлоқ,, ҳаё ва ибо халқимизга хос ажойиб фазилатлардандир. Бугун дунёнинг айрим минтақаларида илдиз отган “оммавий маданият”га қарши ана шундай ғояларимиз ва ўз сўзимиз билан курашмоғимиз даркор.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “оммавий маданият” инсонни нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам ақл ва тафаккурини заҳарлайди. У ёшликни хазон қилади, ўз ортидан эргашганларни онгсиз манқуртга айлантириб боради.    Тўғри, бу хавф-хатарларни унинг тўрига тушиб қолганлар бирданига тушуниб етмаслиги мумкин, лекин уларни ўз вақтида огоҳлантириш керак бўлса, тўғри йўлни кўрсатиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини унутмайлик.

 

“Хатирчи ҳаёти” газетасидан олинди

Муаллиф:info,  Кушилган сана: 07.06.2017,   Кўрилган: 289   Чоп этиш
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.